O'zbekiston Respublikasining
Vengriyadagi elchixonasi
  • O'zbekcha
    • O'zbekcha
    • Русский
    • English
  • Переключить Поиск
  • Переключить Полный экран
  • Bosh sahifa
  • Yangiliklar
    • O'zbekiston yangiliklari

ШҲТ мамлакатлари молия институтлари имкониятлари орқали кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш



ШҲТ мамлакатлари молия институтлари имкониятлари орқали кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатда интеграция жараёнларини изчил давом эттирмоқда. Бу жараёнда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти алоҳида стратегик йўналиш сифатида намоён бўлиб, наfaqat сиёсий мулоқот, балки молия ва инвестиция соҳасида ҳам муҳим майдонга айланмоқда.

2024 йилда ШҲТ мамлакатлари билан товар айланмаси 31 миллиард АҚШ долларига етиб, 9,5 фоиз ўсиш қайд этилди. Хитой, Россия ва Қозоғистон асосий шериклар сифатида етакчилик қилмоқда, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларусь билан ҳам савдо айланмаси барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Бу рақамлар кичик ва ўрта тадбиркорлик учун янги бозорлар очилаётганини ва ҳамкорлик географияси кенгайиб бораётганини яққол кўрсатмоқда.

Бироқ ташқи савдони ривожлантиришнинг асосий драйверларидан бири — молия институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланишдир. Ҳозирги кунда ШҲТ доирасида қатор молиявий тузилмалар фаолияти юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Жумладан, ШҲТ Тараққиёт банки ва ШҲТ Инвестиция фондини ташкил этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилган, миллий банклар ўртасида ҳамкорлик платформалари ва қўшма молиявий механизмлар эса босқичма-босқич ривожлантирилмоқда. Ушбу жараёнлар кичик ва ўрта бизнес учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

ШҲТ Тараққиёт банки лойиҳаси минтақавий йирик инфратузилма ташаббусларини молиялаштириш билан бир қаторда, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ва имтиёзли кредитлар тақдим этиш имкониятини назарда тутади. Шунингдек, ШҲТ Инвестиция фонди концепцияси саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Ўзбекистон учун бу имкониятлар айниқса долзарб. Чунки сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес иқтисодиётнинг асосий таянчига айланди. 2023 йилда эркин иқтисодий зоналарда жойлашган 589 та корхона 3,3 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарди, унинг қарийб 20 фоизи экспортга йўналтирилди. Мазкур кўрсаткичларни янада ошириш учун ШҲТ молия институтлари билан самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бу жараёнларда боғловчи кўприк сифатида ҳаракат қилмоқда. Палата тадбиркорларнинг халқаро молия институтлари билан тўғридан-тўғри мулоқотини таъминлаш, молиявий ресурсларга етишишини енгиллаштириш ва трансмиллий лойиҳаларда иштирокини фаоллаштиришга йўналтирилган қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, ШҲТ маконида ягона саноат стандартлари, маҳсулот сертификатлаш тизими ва рақамли савдо платформаларини жорий этиш масалаларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Молиявий ҳамкорлик “яшил иқтисодиёт” соҳасида ҳам янги имкониятлар очмоқда. Минтақада экологик барқарорлик, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш — бугунги куннинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. ШҲТ “яшил молия” дастурлари тадбиркорларга экотехнологиялар, ресурс тежамкор ишлаб чиқариш ва инновацияларга инвестиция жалб қилиш имконини бермоқда.

Келгусида ШҲТ доирасида қўшма инвестиция фондлари, бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ва тадбиркорлар учун ягона молия-ахборот майдонларини шакллантириш кўзда тутилмоқда. Бу кичик ва ўрта бизнес учун трансмиллий ҳамкорликка кенг йўл очиб, уларнинг “Рақамли Ипак йўли” ва бошқа йирик минтақавий ташаббусларда фаол иштирокини таъминлайди.

Шу боис, ШҲТ мамлакатлари молия институтлари имкониятлари — Ўзбекистон тадбиркорлари учун катта стратегик ресурсдир. Уларни тўла ишга солиш орқали наfaqat савдо айланмасини кўпайтириш, балки янги иш ўринлари яратиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш мумкин. Бугунги 31 миллиард долларлик савдо ҳажми — фақат бошланиш, яқин келажакда бу кўрсаткичларни янада ошириш учун молия институтлари имкониятларини кенг қўллаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.

Zugligeti út 14, 1121, Budapest.
Telefon: +3619513883
E-mail: hu.uzembassy@mfa.uz

Ijtimoiy tarmoqlarda:
Konsullik bo'limi:
Manzil: Zugligeti út 14, 1121, Budapest.
Telefon: +36304362636

Ishonch telefoni:
O'zbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi: +998 71 233-28-28