Ўзбекистон-ТДТ: барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Жойлашуви, тарихан ўзаро яқинлиги ва ресурсларига кўра, тараққиётнинг янги босқичида ўта муҳим ҳамкорлик майдони сифатида Туркий давлатлар ташкилоти нуфузи кун сайин ортиб бормоқда. Бир вақтнинг ўзида, Туркий давлатлар ташкилоти унга аъзо давлатларда истиқомат қилувчи халқларнинг ҳам маданий жиҳатдан яқинлашувида муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
Бинобарин, ташкилотнинг ўзаро тенг ҳуқуқлилик ва манфаатдорлик, ички ишларга аралашмаслик ва мустақиллик, мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш каби ўта муҳим омилларни ўзида акс эттириши кенг эътироф этиляпти.
Туркий давлатлар ташкилотига бешта давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. Венгрия, Туркманистон ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ушбу тузилмада кузатувчи мақомига эга.
Туркий давлатлар ташкилотининг амалдаги номи Ўзбекистон Президенти таклифи билан 2021 йил 12 ноябрда татбиқ этилган. Бундан аввал эса тузилма Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан юритилган.
Ташкилотнинг асосий мақсади – қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.
Ушбу мақсадни илгари суришнинг концептуал асоси 2021 йилнинг ноябрь ойида Истанбул шаҳрида давлат раҳбарларининг 8-саммити якунлари бўйича қабул қилинган “Туркий нигоҳ – 2040” дастуридир.
2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига қўшилган Ўзбекистон учун ушбу тузилмада иштирок этиш нафақат иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки туркий дунёнинг умумий маданий ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
2022-2023 йилларда Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилди. Раислик 2022 йилнинг ноябрь ойида “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ташкил этилган Самарқанд саммити билан бошланди.
Ўзбекистон раислиги даврида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорлик учун қатор янги платформалар яратилди. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ўз раислиги даврида очиқлик, инклюзивликка асосланган ҳамда турли минтақалар ва цивилизацияларни ўз ичига олувчи ҳамкорликнинг хилма-хил ва мослашувчан шаклларига интилди.
Самарқанд саммити якунлари бўйича “2022-2026 йилларга мўлжалланган Туркий давлатлар ташкилоти стратегияси”нинг қабул қилиниши муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Ушбу ҳужжат туркий мамлакатларнинг “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжатини амалга ошириш бўйича биринчи йўл харитаси бўлди.
Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мазкур тузилмага аъзо бўлганидан буён ўтказилаётган саммитларда фаол қатнашмоқда. Хусусан, мамлакатимиз етакчиси Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 2024 йил 6 ноябрь куни Бишкекдаги навбатдаги ва 2025 йил 21 майда Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган норасмий мажлисларида иштирок этди.
Мазкур саммитларда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Будапештда бўлиб ўтган ТДТ норасмий саммитидаги нутқида жаҳонда геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайиб бораётган бугунги мураккаб вазият шиддат билан ўзгариб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига таянган ҳолда ташкилот давлатларининг умумий ёндашув ва позицияларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси бу борада ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатиб ўтди ва қатор янги таклифлар билдирди.
Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу ҳужжат халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
“Ўтган йили “Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ҳамда қардошлик тўғрисида”ги битимни ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган эдик. Бугунги кунда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ва долзарблиги янада ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, мазкур битим халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳужжатни Боку саммитида имзолашни таклиф қиламан”, – деди давлатимиз раҳбари.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президенти 2019 йилдан шу кунга қадар ўтказилган саммитларида ТДТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 98та амалий ташаббусларни илгари сурди. Бугунги кунга қадар 70га яқин ташаббус амалга оширилди ва 30га яқини амалга ошириш босқичида.
Ўзбекистон учун бу ташкилотдаги асосий устувор йўналиш иқтисодиёт эканлигини таъкидлаш муҳим. Ҳозирги кунда экспорт ҳажмини ошириш, сармоя жалб этиш, иш ўринлари яратиш, ишсизлик муаммоларини ҳал этиш, камбағалликка қарши курашиш Ўзбекистон учун асосий муаммолар сирасидандир. Буларнинг бари бизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувимизга таянади, табиийки, бу форматдаги ҳамкорлик янада интеграциялашув ва ишлаб чиқариш компонентларини тартибга солиш борасида ёрдам бериши мумкин.
Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари бўлган 5 давлатнинг умумий майдони 4 244 026 квадратга тенг. Ушбу давлатлар ҳудудида истиқомат қилаётган жами аҳоли сони эса 170 миллиондан зиёд. Бу улкан имконият ва бозор демакдир. Мазкур жиҳатлар ва шу кунга қадар эришилган келишувларга кўра, ташкилотни рўёбга чиқарилмаган улкан имкониятлар ва бирлаштирувчи салоҳиятга эга бўлган минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми, деб билувчи Ўзбекистоннинг аъзо мамлакатлар билан ўзаро товар айрибошлаш кўрсаткичлари йил сайин ошиб бормоқда.
Бугунги кунда ТДТ давлатлари биргаликда Хитой ва Россиядан кейин мамлакатнинг учинчи энг муҳим ташқи савдо ҳамкори ҳисобланади. 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 10 миллиард долларга яқинлашди, бу эса Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 15 фоизини ташкил қилади
Айниқса, ТДТ доирасида биринчи савдо ҳамкор – Қозоғистон ва ташкилот доирасида иккинчи савдо ҳамкор – Туркия билан алоқалар ўсиш динамикаси яққол кўзга ташланади. Жумладан, 2024 йил якунига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро савдо айланмаси 4,28 миллиард долларга етди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда Туркия билан ўзаро товар айланмаси 2,9 миллиард долларга етди.
Худди шу кўрсаткич Озарбайжон билан ҳам ижобий ўсишни кўрсатди. Энг муҳими, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги барча шериклар билан ўзаро савдо ҳажми тарихий максимумларни йил сайин янгилаб бориш тенденцияси юзага келди.
Ўзбекистон ТДТ мамлакатлари бозорларига тайёр маҳсулотларнинг асосий ҳажмини: тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда рангли металларни экспорт қилади. ТДТ мамлакатларидан саноат корхоналари учун зарур бўлган маҳсулотлар: металл прокат, алюминий, шунингдек, турли механик асбоблар, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, доннинг асосий қисми ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади.
Ушбу ижобий динамикани сақлаб қолиш ва тезлаштириш учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш муҳимдир. Савдо операцияларини соддалаштирадиган ва тезлаштирадиган “TURK-TREYD” онлайн платформасини яратиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги айирбошлашнинг ўсишига ҳисса қўшадиган савдони кенгайтириш бўйича Амалий дастурни қабул қилиш шулар жумласидандир.
Ўзаро ҳамкорликнинг кейинги йўналиши сифатида саноат кооперациясини қайд этиш мумкин. Ўзбекистон бу соҳани ривожлантиришни фаол рағбатлантириши ва ТДТга аъзо давлатлар капитали иштирокида янги корхоналар ташкил этилишини қўллаб-қувватламоқда. 2025 йилга келиб, бундай корхоналар сони 4 мингтага яқинлашиб, 2019 йилга нисбатан 60 фоизга кўпайди. Шунингдек, бу компанияларнинг улуши мамлакатдаги хорижий капитал иштирокидаги барча корхоналарнинг тахминан 20 фоизини ташкил этмоқда.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида урғу бериляпти. Аҳамиятлиси, туркий давлатлар жаҳон иқтисодиётида ўзининг транзит аҳамиятининг барқарор ўсишини намойиш этмоқда. “Ўрта йўлак” орқали юк ташиш ҳажми 2024 йилда 4,5 миллион тоннани ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан қарийб 6 баробар ошгани бунинг яққол тасдиғидир. Бундай динамика бошқа инфратузилма лойиҳалари, жумладан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг стратегик зарурлигини кўрсатади.
Мазкур тузилма мамлакатлари, шунингдек, Кавказ ва Марказий Осиёда янги ривожланаётган транспорт ҳамда энергетика йўлаклари тармоғи бўйлаб ишончли хавфсизлик ва ҳамкорлик камарларини таъминлашга интилмоқда. Бу нафақат аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутади, балки ташкилотнинг иқтисодий мустақиллиги ва фаровонлигига эришиш хизмат қилади.
Ўзбекистон маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш йўналишларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Таълим соҳасида Ўзбекистон талабалар ва тадқиқотчилар алмашинув дастурларида фаол иштирок этиб, туркий мамлакатлар университетлари ва илмий марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, қўшма таълим дастурлари ва тажриба алмашиш учун академик платформалар яратиш фаол қўллаб-қувватланаётир. Ўзбекистон ташаббусларининг муҳим жиҳати ҳам энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқишдир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонда ўтаётган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида иштироки туркий дунё тараққиётига хизмат қиладиган долзарб ташаббусларни илгари суриш ҳамда минтақаларимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади. Шунингдек, ушбу ташриф туркий маконда бирдамликни мустаҳкамлаш ва халқларимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларга туртки беради.
“Дунё” АА