Транскаспий халқаро йўлагининг ТДТга аъзо давлатлар учун аҳамияти ва имкониятлари

Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, ёки “Ўрта коридор”, бугунги кунда Осиё ва Европа ўртасидаги энг истиқболли ва стратегик йўналишлардан бири сифатида шаклланмоқда.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар учун бу йўлакнинг аҳамияти нафақат транзит имкониятлари, балки иқтисодий интеграция, халқаро савдо оқимларини тезлаштириш ва транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилишда ҳам беқиёсдир.
Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа Иттифоқи Комиссиясининг маълумотларига кўра, 2030 йилга қадар, Ўрта коридор орқали юк ташиш ҳажми йилига 10-11 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Айниқса, 2022 йилдан кейинги глобал геосиёсий шароитларда “Ўрта коридор” Шимолий йўналишга муқобил сифатида долзарб аҳамият касб этди.
Сўнгги йилларда ТДТ давлатларида йўлакни ривожлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қозоғистоннинг Актау ва Курик портлари кенгайтирилиб, мультимодал транспорт марказларига айлантирилмоқда.
Озарбайжоннинг Боку халқаро денгиз порти қуввати 2025 йилга бориб 25 миллион тоннага етказилиши режалаштирилган.
Туркия ҳудудида эса Боку–Тбилиси–Карс темирйўли ва Мармарай тоннели орқали юк оқимлари Европа билан узлуксиз боғланмоқда.
Ўзбекистонда эса логистика марказлари ва халқаро темирйўл алоқалари кенгайтирилиб, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси доирасида амалий ишлар бошланган.
Экспертларнинг фикрича, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли Хитойдан Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига энг қисқа йўл бўлиб, масофа 900 километрга, юкларни етказиб бериш вақти эса
7-8 кунга қисқариши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Туркманистон ва Ўзбекистон Туркманбоши халқаро денгиз порти ва “Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа” (CASCA+) халқаро мультимодал йўналиши салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, жумладан, мазкур йўналишда темир йўл орқали ташишларга 70 фоизгача чегирмалар эълон қилинган.
ТДТнинг 2021 йил Истанбулдаги саммитида қабул қилинган “Турк дунёси нигоҳи–2040” концепциясида Ўрта коридорни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Унда тариф сиёсатини уйғунлаштириш, божхона процедураларни соддалаштириш, рақамли транспорт тизимларини жорий этиш ва мультимодал ташиш имкониятларини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
2021 йилда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида илк бор E-permit рақамли платформаси асосида рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш лойиҳаси амалга оширилган бўлса, ҳозирги кунда, ТДТ аъзо барча давлатлар ўртасида электрон рухсатнома алмашинуви жорий этилган.
Бундан ташқари, 2022 йил Самарқандда бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган “ТДТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро аралаш ташишлар тўғрисида”ги Битим ҳамда “ТДТ транспорт боғлиқлиги” дастури ҳам халқаро аралаш ташиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, шу жумладан, олдиндан маълумот алмашиш, божхона тартиб-таомилларини тезлаштириш ва енгиллаштириш, ташиш жараёнига рақамли технологияларни жорий этишга замин яратди.
2024 йил якунларига кўра, йўналиш бўйлаб Қозоғистон ва Озарбайжон портлари орқали ташилган юк ҳажми ўтган йилга нисбатан 20 фоизга ошиб 3,3 миллион тоннани ташкил этди.
Ҳажмий кўрсаткичларнинг ижобий динамикасига қарамай, йўналишда уларни бартараф этиш учун мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган маълум қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, етказиб бериш муддатларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар ва йўналишнинг ўтказувчанлик қобилияти билан боғлиқ чекловлар сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги йиллардаги асосий муаммолардан бири Каспий денгизининг саёзлашиши бўлиб, бу кемаларни тўлиқ юклаш имконияти йўқлиги сабабли ташиш нархининг ошишига олиб келмоқда.
Бундай шароитда мавжуд транспорт йўналишлари бўйича тегишли инфратузилмани яратишга мувофиқлаштирилган инвестициялар алоҳида аҳамият касб этади.
Европа Иттифоқи ушбу йўлакни ўзининг “Global Gateway” ташаббусига киритган бўлса, Осиё тараққиёт банки 2001 йилдан бошлаб йўлак инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш учун 4 миллиард долларлик инвестиция пакетини ажратган.
2024 йил январь ойида Европа Иттифоқи Ўрта коридорни ривожлантириш, жумладан, юкларни етказиб бериш муддатини 15 кунгача қисқартириш мақсадида Марказий Осиёни қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард евро сафарбар этилишини эълон қилди.
2025 йил апрель ойида Самарқандда тўртта устувор йўналишни қамраб олган 12 миллиард евролик кенгайтирилган инвестиция пакети тақдим этилди, улардан бири Транскаспий транспорт йўналишини ривожлантиришдир.
Хулоса қилиб айтганда, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги ТДТ аъзо давлатлар учун нафақат транспорт-коммуникация йўналиши, балки стратегик геоиқтисодий платформа сифатида ҳам беқиёс аҳамиятга эга. У минтақани Евроосиё савдо занжирининг марказий бўғинига айлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш, туризм ва маданий алмашинувни кучайтириш имконини бермоқда.
Транскаспий йўналишининг барқарор ривожланиши Турк дунёсининг иқтисодий ва сиёсий қудратини мустаҳкамлаб, уни глобал транспорт харитасида муҳим марказлардан бирига айлантириши шубҳасиздир.
Транспорт муаммоларини ўрганиш Маркази бош мутахассиси
Ш.Шихназаров