O'zbekiston Respublikasining
Vengriyadagi elchixonasi
  • O'zbekcha
    • O'zbekcha
    • Русский
    • English
  • Переключить Поиск
  • Переключить Полный экран
  • Bosh sahifa
  • Yangiliklar
    • O'zbekiston yangiliklari

Ўзбекистон–Қатар: келажакка қаратилган стратегик ҳамкорлик



3 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан амалий ташриф билан мазкур мамлакатга келди.  

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Доҳада бўлиб ўтадиган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Қатар дипломатик муносабатлар ўрнатишдан тортиб, сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ишонч, ўзаро ҳурмат ҳамда умумий манфаатларга асосланган ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни шакллантиришгача бўлган йўлни босиб ўтди.

Қатар 1991 йил 30 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган, икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар эса 1997 йил 27 ноябрда ўрнатилган.

Сўнгги йилларда юқори ва олий даражадаги мулоқотлар фаоллиги сезиларли даражада ошди. 2024 йил апрель ойида Тошкентда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим икки давлат ҳамкорлиги  солномасида муҳим воқеа бўлди ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичини белгилаб берди. Ҳужжатда инвестициялар, энергетика, транспорт, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган.

2023 йил июнь ва декабрь ойларида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифлари ҳамда шу йил октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Доҳага қилган давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб берди ҳамда Тошкент ва Доҳа шериклигига стратегик йўналиш бахш этди.

Олий даражадаги мулоқот халқаро форумлар доирасида ҳам изчил давом этмоқда. Жумладан, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” саммити ҳамда бошқа йирик глобал тадбирларда томонлар фаол иштирок этди.

Ҳамкорлик фаоллашганининг ёрқин намунаси сифатида 2023 йил май ойида Тошкентда Қатар элчихонасининг, шу йил декабрь ойда эса Доҳада Ўзбекистон элчихонасининг очилиши бўлди. Бу қадамлар сиёсий ва дипломатик муносабатларнинг янги, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилганини англатади.

Сиёсий мулоқотда муҳим аҳамиятга эга воқеа сифатида, шунингдек, 2024 йил апрель ойида Қатар Бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон Ол Сонийнинг Ўзбекистонга буюрган ташрифини қайд этиш мумкин. Ташриф доирасида Қатар ҳукумати раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Суҳбат чоғида сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, энергетика, транспорт, таълим ва маданият соҳаларидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон Ол Соний Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан ҳам музокаралар ўтказди. Томонлар икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, шу жумладан, доимий сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш масалаларида ўзаро қизиқишни тасдиқладилар.

Ўз навбатида, 2024 йил март ва октябрь ойларида ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов расмий ташриф билан Қатарга борди. Сафар доирасида  Ўзбекистон ТИВ раҳбари  Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон Ол Соний, Қатар Инвестиция агентлиги ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар чоғида  иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қатор қўшма лойиҳаларга Қатар сармоясини жалб этиш ва транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 7,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди, шундан экспорт 2,2 миллион, импорт эса 5,5 миллион долларга етди. 2025 йил январь–август ойларида ўзаро савдо ҳажми 28 фоизга ўсиб, 7 миллион доллардан ошди. Экспорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари, мис қувурлари ва хизматлар етакчилик қилса, импортда кимёвий маҳсулотлар ва мойлаш материаллари асосий ўринни эгалламоқда.

2024 йил 11–12 ноябрь кунлари Доҳада Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилиши ўтказилиши муҳим қадам бўлди. Шунингдек, 2024 йил июнь ойида “Qatar Airways” авиакомпаниясининг Доҳа-Тошкент-Доҳа йўналиши бўйича биринчи авиарейси амалга оширилиб, ишбилармон ва сайёҳлик алоқалари учун янги имкониятлар очилди.

Гуманитар ва маданий ҳамкорлик ҳам томонлар ўртасидаги шерикликнинг асосий йўналиши ҳисобланади ва ушбу жабҳадаги  ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Пандемия даврида Қатар хайрия жамғармалари Ўзбекистонга  қарийб 400 минг АҚШ доллари миқдорида беғараз ёрдам кўрсатди.

Сўнгги йилларда маданият ва ҳунармандчилик ҳафталиклари, кўргазмалар ва концертлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. 2024 йилда Доҳада Ўзбекистоннинг маданият, ҳунармандчилик ва туризм ҳафталиги, Тошкентда эса Қатар маданият ҳафталиги бўлиб ўтди. Тошкентдаги тадбир очилишида Қатар маданият вазири Шайх Абдурраҳмон Ол Соний иштирок этди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. 2024 йил сентябрь ойида Қатар молиявий кўмагида Термиз таълим маркази базасида афғон аёлларини ўқитиш бўйича келишув имзоланди.

Шу тариқа, Тошкент ва Доҳа ўртасидаги сиёсий мулоқот, иқтисодий шериклик ва гуманитар алоқалар изчил ривожланиш динамикасига эга. Эришилган келишувларнинг самарали амалга оширилиши икки давлат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга – узоқ муддатли истиқбол ва минтақавий барқарорликка қаратилган стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатарга давом этаётган расмий ташрифи ва унинг Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитидаги иштироки мамлакатимиз ташқи сиёсатининг изчил давоми сифатида намоён бўлади. Шунингдек, мазкур  ташриф Яқин Шарқ мамлакатлари билан ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашга,  ҳамда Тошкент ва Доҳа ўртасида ҳар томонлама, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

“Дунё” АА

Zugligeti út 14, 1121, Budapest.
Telefon: +3619513883
E-mail: hu.uzembassy@mfa.uz

Ijtimoiy tarmoqlarda:
Konsullik bo'limi:
Manzil: Zugligeti út 14, 1121, Budapest.
Telefon: +36304362636

Ishonch telefoni:
O'zbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi: +998 71 233-28-28