O'zbekiston Respublikasining
Vengriyadagi elchixonasi
  • O'zbekcha
    • O'zbekcha
    • Русский
    • English
  • Переключить Поиск
  • Переключить Полный экран
  • Bosh sahifa
  • Yangiliklar va maqolalar
    • O'zbekiston yangiliklari
  • O'zbekiston fuqarolari uchun xizmatlar
    • Fuqarolar qabuli
    • Konsullik xizmatlari ro'yhati
    • Pasport rasmiylashtirish tartibi
    • O'zbekiston Respublikasiga qaytish guvohnomasini rasmiylashtirish
    • O'zbekiston Respublikasi fuqaroligidan chiqish
    • O'zbekiston Respublikasi fuqaroligini yo'qotish
  • O'zbekiston haqida
    • Parlament
    • Umumiy ma'lumotlar
    • O'zbekiston Respublikasi Prezidenti
    • O'zbekiston madaniyati
    • Milliy bayramlar
    • Sayohat maskanlari
    • Davlat ramzlari
  • Viza
    • O'zbekistonga visa
  • Elchixona
    • Elchi
    • Elchixona haqida
    • Elchixona tarkibi

Ўзбекистон ва Чехия ҳамкорликнинг янги босқичига чиқмоқда



Ўзбекистон ва Чехия ўртасида мустаҳкам ишбилармонлик, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий алоқалар мавжуд бўлиб, бу муносабатлар 2024–2026-йилларда сезиларли даражада фаоллашади. 2025-йилнинг март ойида Прага шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 10-мажлиси бўлиб ўтди ва бу ўзаро ҳамкорликнинг янада тизимли форматига ўтишни тасдиқлади. Томонлар янги қўшма лойиҳалар, қўшма корхоналарни ишга тушириш, узоқ муддатли молиялаштириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Транспорт, фармацевтика, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, чарм саноати, туризм, таълим каби соҳалардаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Чехиянинг транспорт воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисосолашган етакчи машинасозлик конгломерати - Škoda Transportation (Škoda Group),  машҳур фармацевтика компанияси бўлган Doctor Müller Pharma,  ҳавони тозалаш, вентиляция тизимлари, саноат инжиниринги йўналишларида лойиҳалаш ва ускуналарни етказиб беришга ихтисослашган ZVVZ Engineering муҳандислик компанияси Чехия саноати ва бизнесининг халқаро, жумладан, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик жараёнида фаол иштирок этаётган йирик вакилларидир.

Чехия нуқтайи назаридан Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг катта бозорлардан бири ҳисобланади. Чехиянинг Ўзбекистонга оид расмий бизнес- профили уни Чехия Республикаси учун Марказий Осиёдаги муҳим савдо шериги сифатида аниқ белгилайди ва сўнгги йилларда Чехия экспорти сезиларли даражада ошганини қайд этади. Чехия томонидан Ўзбекистонга киритилаётган инвестицияларнинг босқичма-босқич ортиб бориши Чехия Республикасини Европанинг Ўзбекистон бозоридаги муҳим инвесторига айлантиради.

Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари

Ҳозир ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари – машинасозлик, геология ва тоғ-кон саноати, кимё ва фармацевтика, энергетика. Бунда асосий эътибор ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологияларни жорий этиш, кадрлар малакаси ва энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар билан боғлиқ лойиҳаларга қаратилмоқда. Узоқ муддатли молиялаштириш, қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш, корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма корхоналарни ишга тушириш лойиҳаларни амалга ошириш шаклларидир. Айни пайтда мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида ташкил этилган 44 та корхона фаолият юритмоқда.

Рақамли ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш

2025–2026-йилларда Ўзбекистон ва Чехия ўртасида рақамли ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш нафақат умумий режаларда, балки бир қанча амалий йўналишларда ҳам намоён бўлмоқда. Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги рақамли ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш икки томонлама муносабатларнинг янги босқичига ўтиш сифатида тавсифланиши мумкин. Бунда савдо билан бир қаторда стартаплар, АТ-аутсорсинг, инновациялар, техник тартибга солиш ва технологияга йўналтирилган инвестицияларнинг роли ортиб бормоқда. Бу рақамли иқтисодиёт, саноат ва юқори технологиялар соҳасида қўшма лойиҳаларни янада ривожлантириш учун замин яратади.

Стартап ва инновациялар соҳасида ҳамкорликнинг ривожланиши икки томонлама алоқаларнинг анъанавий савдодан қўшма инновацион экотизимга қадар кенгайганини кўрсатади. Ўзбекистонда Чехиянинг бир қатор аутсорсинг ва АТ-компаниялари офисларининг очилиши Глобал бизнес хизматлари (GBS), ахборот технологиялари хизматлари ва масофавий хизматлар кўринишида кўпроқ қўлланиладиган рақамли ҳамкорликка ўтилаётганидан далолат беради.

Технологик ҳамкорлик стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш орқали ҳам мустаҳкамланмоқда. Стандартлар, синовлар ва бозор назорати масалалари биргаликда ҳал қилинади. Бу эса  ҳамкорликдаги ишлаб чиқариш, технологик янгиланиш ва маҳсулотларни бозорларга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Бундай ҳамкорлик саноат кооперацияси ва замонавий технологияларни жорий этиш учун институционал асос яратади. Саноат инвестициялари ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш бўйича янги келишувлар алоҳида алоқалардан технологик шерикликнинг янада тизимли шаклига ўтишдан далолат беради.

Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги маданий алоқалар

Маданий алоқалар ҳозир йирик давлатлараро маданий шартномалар орқали эмас, балки элчихоналар, турли фестиваллар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик орқали кўпроқ ривожланмоқда. Чехиянинг Тошкентдаги элчихонаси анъанавий тарзда миллий қабуллар ва маданий тадбирлардан чех мусиқаси, ошхонаси ва пиво маданиятини тарғиб қилиш учун фойдаланади. Шунингдек,  дипломатик миссия маданий ташаббуслар ва икки томонлама мулоқотлар ва бизнесни ривожлантириш ўртасидаги боғлиқликка ҳам алоҳида урғу беради. Кенгроқ кўламда олиб қарагайдиган бўлсак, Ўзбекистон 10 дан ортиқ мамлакатда “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш ва янги халқаро маданий меморандумларни имзолаш режасини эълон қилди. Бу эса Ўзбекистон ва Чехия ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни яратади.

Хулоса

Ўзбекистон учун Чехия технология, транспорт, фармацевтика, стандартлаштириш, туризм ва саноат лойиҳалари бўйича Европадаги муҳим ҳамкор. Чехия Республикаси учун Ўзбекистон ўсиб бораётган сармоявий салоҳият ва минтақага кириш учун қулай платформага эга жадал ривожланаётган Марказий Осиё бозоридир. Томонларнинг расмий баёнотларига кўра, ҳамкорликнинг яқин истиқболида асосий эътибор савдо-сотиқнинг ривожлантириш, делегациялар алмашиш, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, сармоя киритишни кенгайтириш ва бошқа тадбирларга қаратилади.

Дилдора Каримова,

МҲТИ лойиҳа раҳбари, и.ф.д.,профессор

Zugligeti út 14, 1121, Budapest.
Telefon: +3619513883
E-mail: hu.uzembassy@mfa.uz

Ijtimoiy tarmoqlarda:
Konsullik bo'limi:
Manzil: Zugligeti út 14, 1121, Budapest.
Telefon: +36304362636

Ishonch telefoni:
O'zbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi: +998 71 233-28-28