МАРКАЗИЙ ОСИЁ: УМУМИЙ МЕҲНАТ БОЗОРИ ВА ИНСОН КАПИТАЛИ РИВОЖИ ЙЎНАЛИШИДАГИ ҲАМКОРЛИК

2025 йил 15–16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-чи маслаҳат учрашуви минтақадаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб бермоқда.
Ушбу анжуманда иқтисодий интеграция, экологик барқарорлик ва транспорт алоқаларини ривожлантириш билан бир қаторда, меҳнат бозоридаги ҳамкорлик ва инсон капитали ривожи ҳам асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланмоқда.
Марказий Осиёда умумий меҳнат макони – барқарор тараққиёт гарови
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштириб турган энг муҳим омиллардан бири — инсон салоҳиятидир. Минтақадаги меҳнат ресурслари улкан иқтисодий имкониятларни англатади ва улардан самарали фойдаланиш барча давлатлар учун устувор вазифа ҳисобланади.
Меҳнат бозоридаги умумий ёндашув, кадрлар ҳаракатланишини қонуний асосда ташкил этиш ва малакали мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш орқали Марказий Осиёда умумий меҳнат маконини шакллантириш — бугунги кун талаби.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган “қонуний, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграцияси” сиёсати минтақавий ҳамкорликнинг муҳим бўғини сифатида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси соҳасидаги замонавий ёндашуви
Тузилганига эндигина бир йил бўлган, Ўзбекистоннинг янги Миграция агентлиги мамлакат меҳнат мобиллигини бошқариш ҳақидаги тасаввурни тубдан ўзгартирмоқда — хорижда вақтинча иш билан бандликдан тортиб, хориждан қайтган фуқароларни касбий реинтеграция қилишгача.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган агентлик ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатини мувофиқлаштиради, фуқароларнинг хориждаги ҳуқуқларини ҳимоя қилади ҳамда малакали иш билан таъминлаш учун янги кўприкларни яратмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Корея, Япония, Саудия Арабистони, Қатар, Словакия, Англия, Словения, Швеция, Германия, Италия, Болгария ва бошқа давлатлар билан расмий меҳнат келишувларини амалга ошириб келмоқда. Бу йўналишдаги тизимли ишлар фуқаролар учун янги иш ўринларини яратиш билан бирга, хориждаги юртдошларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Минтақавий ҳамкорлик – инсон капиталини ривожлантиришдаги стратегик йўналиш
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги меҳнат ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва маданий яқинлашувни ҳам таъминлайди.
Ўзбекистон бу жараёнда фаол иштирок этиб, қўшни мамлакатлар билан мутахассислар тайёрлаш, меҳнат бозори ахборотларини алмашиш, малака тан олиш тизимларини уйғунлаштириш борасида аниқ ташаббусларни илгари сурмоқда.
Айниқса, миграция жараёнларини рақамлаштириш, ягона маълумот платформаларини яратиш ва меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш соҳаларида минтақавий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Инсон капиталини ривожлантириш – келажак тараққиётининг асоси
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон капитали — мамлакатнинг энг катта бойлиги ва келажак тараққиётининг асосидир”
Шу нуқтаи назардан, мамлакатда касбий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, ёшларни чет элда меҳнат фаолиятига тайёрлаш ва уларнинг малакасини тасдиқлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Миграция агентлиги қошида ташкил этилган тайёрлов марказлари, хорижда талаб юқори бўлган касблар бўйича таълим дастурлари ҳамда психологик ва ҳуқуқий маслаҳат хизматлари — инсон капиталини самарали ривожлантиришнинг амалий кўриниши ҳисобланади.
Якуний хулоса
Тошкентда ўтказилаётган навбатдаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви — минтақамизнинг инсон салоҳиятига таянадиган, очиқ ва ҳамкорликка асосланган келажак сари қадамидир.
Ўзбекистон бу жараёнда ҳамиша фаол ва ташаббускор бўлиб, умумий меҳнат бозорини ривожлантириш, инсон капиталини ошириш ва фуқаролар манфаатини таъминлашга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирмоқда.